ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. “Спутник V" вакцинасининг 130 минг дозаси ички бозорга чиқди. Бу ҳақда @rian_ru га Jurabek Laboratories вакили маълум қилди.
"Биз Россиядан барча рухсат берувчи ҳужжатларни олдик. Ишлаб чиқарилган 130 минг доза Спутник V вакцинаси биринчи партияси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига топширилди", - деди у.
Бу вациналарнинг барчаси фақат Ўзбекистонда қўлланилади. Ҳозирча вакциналар айнан эмлаш пунктларига қачон келиши ҳақида маълумот йўқ.
Кейинчалик Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати “Jurabek Laboratories” МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган "Sputnik V" вакцинаси 1- ва 2- компонентларининг дастлабки 260 500 дозаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига топширилди, деб маълумот берди.
Май ойида Тошкент ва Москва “Спутник V”ни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга келишиб олганди.
29 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев август ойидан Олмалиқ шаҳридаги "Jurabek laboratories" корхонасида “Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини маълум қилиб, корхонанинг техник имкониятлари билан танишди.
31 июль куни Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси (РФПИ) республикада “Спутник V”нинг биринчи партиялари ишлаб чиқарилганини хабар қилди. Ишлаб чиқарилган вакциналар сифатни назорат қилиш мақсадида Гамалея марказига юборилганди.
11 август куни Гамалея марказидан “Спутник V” вакциналарининг илк партияси сифати бўйича ижобий натижалар олинган.