Маълумки, Ўзбекистон пахта саноатида 2020 йил ҳосилидан бошлаб давлат буюртмаси бекор қилинди ва фермер хўжаликлари ҳамда пахта кластерларига пахта навларини жойлаштириш бўйича эркинлик берилди (ПҚ-4633).
Бу, шубҳасиз, бозор иқтисодиёти тамойилларига мувофиқ, ушбу соҳанининг самарадорлигини оширишга, Ўзбекистонни пахтадан юқори қўшилган қийматга эга бўлган тайёр маҳсулот ишлаб чиқраувчи давлатга айлантиришга қаратилган улкан қадамдир.
Шу билан бирга, бугунги кунда пахта навини мустақил танлаш имконияти фермер ва кластерлар учун турли муаммолар ва кутилмаган қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкинлиги маълум бўлди.
Хусусан, “кўпчиликнинг тасаввурида “чет элнинг навлари зўр” деган фикр шаклланиб қолган”, - дейди Халқаро пахта кунида бўлиб ўтган тадбирда инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов.
Ваҳоланки, Ўзбекистонда пахта уруғчилик анъаналари мустаҳкам илмий ва амалий тажрибалар билан тасдиқланган кўп йиллик асосга эга. Биргина Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институтида 107 та мамлакатдан келтирилган 12 800 та ёввойи, ярим ёввойи намуналар сақланмоқда. Улар пахтанинг турли иқлим ва шароитларга мос навларини етиштириш учун хизмат қилади.
“...бу уруғлар селекция жараёни учун зарур. Яъни мазкур ёввойи ва ярим ёввойи навлардан қурғоқчиликка, иссиқ иқлимга ҳамда турли касалликларга бардошлилари аниқланиб, уларнинг генлари олинади ва асосий майдонларга экиладиган навларга чатиштирилади”, - дейди институт лаборатория мудири, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Малоҳат Холиқова.
Ўзбекистон пахтани биринчи марта экаётгани йўқ, шу сабабли ҳам ҳосил самарадорлигини ошириш мақсадида уруғ танлаш борасида ҳам етарли ва бой тажрибага эга. Янги “пахтакорлар” ҳам ушбу тажрибадан фойдаланса мақсадга мувофиқ бўларди.
НИИ Селекции хлопка, семеноводства и агротехнологий
© Sputnik
Учуғни чет элдан олиб келишнинг нимаси ёмон?
Хориждан пахта уруғи олиб келганда, фермерни бир қатор кўзга кўринмайдиган хатарлар “кутиб туриши” мумкин.
Масалан, Покистонда ғўза зараркунандаларига қарши хавфли кимёвий дорилар қўлланилади. Шу сабабли, улардан олинган уруғлар ҳам хавф туғдириши мумкин.
Ҳиндистонда гени ўзгартирилган чигит экишади. Ўзбекистонда эса, маълумки, аҳолининг 70 % пахта ёғи истеъмол қилади. Агар ана ўшандай гени ўзгарган чигит ёғи истемол қилинса, инсон гени ҳам ўзгариши мумкин. (Гени модификация қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари инсонга қандай таъсир қилиши ҳозиргача аниқланмаган ва бундай маҳсулотларни истеъмол қилиш Ўзбекистонда қонун билан таъқиқланган).
Туркия, Бангладеш каби давлатларда эса Ўзбекистонда кузатилмайдиган, илмий тилда “карантин касаллиги” деб аталадиган касалликлар бор. Бундай атаманинг сабаби – четдан олин келинаётган уруғлар уч йил карантин шароитида экиб, синаб кўрилиши керак. Синовдан муваффақиятли ўтсагина, катта майдонларда экишга тавсия этилади. Мисол учун, икки йилдан бери помидор ҳосилининг чириши кузатилмоқа. Олимлар буни худди ўша карантиндан ўтмаган уруғларнинг кириб келиши билан изоҳламоқдалар.
Кластерлар эса бундай жараёнлардан кўпам хабардор эмас. Улар катта пул сарфлаб, чет элдан техника олиб келишаяпти ва табиийки, уруғни ҳам четдан келтириш керак, деган фикрга боришаяпти.
НИИ Селекции хлопка, семеноводства и агротехнологий
© Sputnik
Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқми
Хўш, Ўзбекистоннинг ўзида синалган, касалликка қарши чидамли экани текширилган уруғлар борми?
“Албатта, бор, - дейишди олимлар. Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш Марказида ҳар йили 100 дан ортиқ навлар синалади. Шулар орасидан талабга жавоб берадиганлари ажратиб олиниб, экишга тавсия этилади”.
Яқинда, ўзбек олимлари ғўзанинг “эскимо” гени фаолиятини сусайтириш натижасида ҳам қурғоқчиликка, ҳам шўрланишу ҳам совуққа чидамли янги ғўза линияларини яратишга муваффақ бўлдилар. Бугунги кунда улар давлат навсинашига топширилиш арафасида.
Неча йиллардан бери деҳқонларнинг бош оғриғига сабаб бўлаётган омиллардан бири бу – вилт касаллигидир. Ушбу касаллик ҳар йили ғўза ҳосилининг катта миқдорда нобуд бўлишига олиб келмоқда. Геномика ва биоинформатика маркази ходимлари бунинг чорасини топган кўринади. Марказ директорининг мақоласида келтирилишича, яқин йилларда вилт касаллигига чидамли бўлган “зирҳланган” ғўза навлари пайдо бўлади ва айниқса, Бухоро ҳамда Навоий вилоятларида вилтдан азият чекаётган фермерлар оғирини енгил қилади.
Кўриниб турибдики, олимлар томонидан салмоқли натижалар қўлга киритиляпти, лекин эътиборталаб жиҳатлар ҳам оз эмас. Ва мутахассисларнинг якдил фикрига кўра, айнан ана шу жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиш зарур.
НИИ Селекции хлопка, семеноводства и агротехнологий
© Sputnik
Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин
Иброҳим Абдураҳмонов айтишига кўра, кластер эгалари “ҳамма ишни бир ўзим уддалайман” қабилида иш тутмасликлари керак. Чунки ўзимизда уруғчилик соҳасига ихтисолашган шунча олимлару бутун бошли илмий институтлар турганда, кластерлар “ўзим уруғ яратаман” деса хато қилади.
Бунинг тасдиғи сифатида вазир Татаристон тажрибасини мисол қилиб кўрсатди. У ерда кластерлар ҳар бир ишни ўз мутахассисига топширади. Масалан, автомобиль шиналари ишлаб чиқарадиган кластерлар уларни сотадиган фирмаларни ҳам фаолиятга жалб этади. Кейинчалик ишлатилган шиналарни қайта сотиб олиб, улардан асфальт таркибига қўшиладиган хом ашё тайёрлашда ҳам иштирок этади.
Иккинчидан, зудлик билан ҳал этилиши лозим бўлган масалалар қуйидагилардан иборат: навни маркетинг қилиш. Яъни олимлар нав яратаяпти, лекин ўз меҳнати самарасини “реклама” қилишни билмайди. “Албатта, бу олимларнинг иши эмас, лекин бошқа чора йўқ”, дейди қишлоқ хўжалик вазири ўринбосари – қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бош директори Алишер Тўраев.
Учинчидан, хусусий уруғчилик фирмаларини ташкил этиш лозим. Улар рақобат муҳитини яратади. Голландияда шундай тажриба қўлланилади, Ўзбекистонда эса илмий-тадқиқот институтлари ўзи фан билан шуғулланади, ўзи нав яратади, ўзи уни регистрация қилади ва ўзи уни районлаштиради. Охири ҳаммаси “айқаш-уйқаш” бўлиб кетади, - дейди вазир ўринбосари.
НИИ Селекции хлопка, семеноводства и агротехнологий
© Sputnik