Депутатлар дам олиш кунларини кўпроқ қилиш таклифини билдиришди

Бу дегани қонунчиликда белгиланган байрам кунлари агар якшанба кунига тўғри келса, унда душанба куни дам олиш кунига қўшиб берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 окт – Sputnik. Ўзбекистонда байрам кунлари якшанбага тўғри келса, душанбани ҳам дам олиш куни деб эълон қилиш таклиф этилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси давомида маълум қилинди.
“Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги кунга кўчирилиши белгиланяпти. Бу дегани қонунчиликда белгиланган байрам кунлари агар якшанба кунига тўғри келса, унда душанба куни дам олиш кунига қўшиб берилади”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, лойиҳа қуйи палатанинг 7 октябрдаги йиғилишида биринчи ўқишда муҳокама қилинган. Кейин у билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида пишиқ-пухта ҳолатга келтирилган.
Депутатларнинг сўзларига кўра, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг кабул килиниши амалиётга қатор қулайликларни яратади. Бунда бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатларининг мувозанати таъминланади. Қолаверса, уларнинг ижтимоий ҳамкорликка жалб қилиниши ортиб, томонларнинг меҳнат натижадорлигига қизиқиши рағбатлантирилади.
Меҳнат қонунчилиги бўйича 1 январь — Янги йил, 8 март — Хотин-қизлар куни, 21 март — Наврўз байрами, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни, 1 сентябрь — Мустақиллик куни, 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни, 8 декабрь — Конституция куни, шунингдек, Рўза ҳайит ҳамда Қурбон ҳайит байрамларининг биринчи кунлари байрам кунлари саналади.