ТОШКЕНТ, 11 окт – Sputnik. Бу йил Ўзбекистонда хурмо мавсуми арзон нархлардан бошланди, деб хабар қилмоқда East Fruit таҳлилий платформаси.
Ўзбекистонлик деҳқонлар 2021 йилнинг 1 августидан 30 сентябрига қадар умумий қиймати 4,1 млн $ долларга тенг хурмо экспорт қилишган. 2020 йилда ушбу кўрсатгич 7,4 млн $ни, 2019 йилда 5,3 млн. $ни ташкил қилган эди,- дейилган хабарда.
Ундан ташқари, 2021 йилда хурмо нархлари олдинги йилларга нисбатан 30% га паст бўлди. Ўзбекистон хурмоси нархи пасайиши иккинчи йил кетма-кет кузатилмоқда. 2020 йилда ҳам 2019 йилган нисбатан нархлар 12% пасайган эди. Айни дамда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар сараланган хурмони килосига 2500 -3000 сўм (0,23- 0,28 цент)дан сотмоқда.
Одатда Ўзбекистонда хурмо мавсуми 20 августдан бошланиб 15 январга қадар давом этади. Энг фаол савдо сентябрь – декабрь ойларида бўлади, дейилган хабарда.
2020 йилда Ўзбекистон рекорд миқдорда хурмо экспорт қилган эди. Экспорт ҳажми 98,9 минг тонна ва қиймати $49,4 млн долларни ташкил қилган эди. Бу ўтган 3 йилнинг кўрсатгичлариидан ўртача 70%га кўп бўлган эди.
EastFruit таҳлилчилари хулосасига кўра, бу йил Ўзбекистонда қиш ва баҳорда аномал об-ҳаво бўлган сабабли хурмо ҳосилини олиш 10 кун кеч бошланди. Ундан ташқари ушбу ҳолат ҳосил умумий миқдори қисқаришига олиб келиши мумкин.