ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. “Навоийазот” АЖ Зарафшон дарёсида балиқлар нобуд бўлишида корхонага қўйилаётган айбловлар юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, корхонага қарашли 267-қудуқ орқали Зарафшон дарёсига ташланма сувлар лаборатория таҳлилларидан кейин юборилади ва улар экологик талабларга жавоб беради. Улар асосан ишлаб чиқариш майдонларидаги ёмғир оқава сувлари, совутувчи сув айланиш тизими ва иситиш қозонларини тозалашдаги сувлардан иборат.
“Корхона санитария лабораторияси томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида мунтазам равишда оқава сувлардан таҳлил намуналари олинади ва мутахассислар томонидан назорат қилинади”, - дейилган хабарда.
Хабарда ёзилишича, Зарафшон дарёси нафақат “Навоийазот”, балки вилоятнинг турли саноат ва бошқа ишлаб чиқариш комплексларидан, шу жумладан, балиқчилик хўжаликларидан ҳосил бўлган барча оқава сувларини қабул қилувчи ҳавза ҳисобланади.
Ҳозирда “Навоийазот” мутахассислари вилоят экологик назорати мутахассислари билан биргаликда барча оқава сувларнинг назорат таҳлиллари олиб борилмоқда. Жамият раҳбарияти томонидан тегишли чоралар кўриляпти.
Аввалроқ “Навоийазот” яқинида ўтган Зарафшон дарёсида балиқлар ёппасига заҳарланиб, нобуд бўлгани хабар қилинган эди.
Давлат экология қўмитаси дарёнинг 5 та нуқтасидан олинган таҳлил намуналарида азот аммоний 21 маротаба, азот нитрат 2,6 маротаба, азот нитрит 60 маротаба, хлоридлар 1,3 маротаба, мис ионлари 2,1 маротаба белгиланган меъёрлардан юқорилиги ҳамда дарёда ёппасига заҳарланиш юзага келганлигини аниқлади.