ЖССТ безгакка қарши дунёдаги биринчи вакцинани маъқуллади

Бу вакцинани ишлаб чиқишга 30 йил кетган. Унинг клиник тадқиқотларида Гана, Кения ва Малавидаги 800 мингдан зиёд бола қатнашган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тарихда илк бор безгакка қарши RTS,S/AS01 вакцинадан фойдаланишни маъқуллади. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар қилинди.
Вакцинанинг клиник тадқиқотларида Гана, Кения ва Малавида ўтказилган. Унда 800 мингдан зиёд бола қатнашган.
“Бу тарихий он. Узоқ кутилган болалар учун безгакка қарши вакцина – бу фан, болалар саломатлиги ва безгак устидаги назорат учун ютуқдир”, - деди ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус.
У RTS,S/AS01 вакцинасининг бу хавфли касалликка қарши курашишда бошқа воситалар билан биргаликда қўлланиши “ҳар йили ўн минглаб ҳаётларни сақлаб қолиши мумкинлигини” таъкидлади.
Безгак (малярия) – одамларга чивин чақиши орқали юқадиган юқумли касаллик. Касалликни Plasmodium туридаги паразитлар қўзғатади. У ўзи билан иситма, титроқ, жигар ва талоқ шишишини олиб келади.
Ўзбекистон безгакдан холи давлат сифатида тан олинди
ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, барча турдаги безгаклар Ер шарининг 220 млнга яқин аҳолисини касаллантиради. 2019 йилда бу касалликдан 400 мингга яқин киши вафот этган, улардан 260 минг нафари – бу Саҳрои Кабирдан жануброқдаги мамлакатларда яшайдиган беш ёшгача бўлган болалар.
RTS,S/AS01 вакцинаси безгакнинг энг хавфлиси – паразит Plasmodium falciparum га қарши курашади. Бу вакцинани 30 йил ишлаб чиқишган.
Вакцина 39 фоиз ҳолларда инфекциянинг олдини олган ва 29 фоиз ҳолларда касалликнинг оғирлашиш эҳтимолини камайтирган. Аммо безгакка қарши дорилар билан биргаликда вакцинанинг жиддий касаллик ва ўлимга қарши самарадорлиги 70 фоизгача ошган.