ТОШКЕНТ, 7 окт – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Суҳбат аввалида Мирзиёев Россия етакчисини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар, дўст Россия халқига эга тинчлик-осойишталик ва бардавом равнақ тилади.
Президент Владимир Путиннинг замонавий Россияни барпо этишдаги тарихий роли ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссаси қайд этилди.
Мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
“Президентлар келгуси ойда бўлиб ўтадиган Россия Федерациясига олий даражадаги давлат ташрифига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилдилар”, - дейилган хабарда.
Шунингдек, Мирзиёев ва Путин халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Андрей Руденко Sputnik билан суҳбатда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифига салмоқли ҳужжатлар тўплами тайёрлаб қўйилганини маълум қилган эди.