ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Янги Москвадаги ўта машҳур ҳисобланган "ФудСити" озиқ-овқат бозорига яқин жойлашган бир неча ҳудудлар аҳолиси мигрантлар билан боғлиқ масалани тартибга солиш учун минглаб имзо тўплашга муваффақ бўлдилар. Бу ҳақда Readovka Telegram-канали хабар бермоқда.
Маҳаллий фаоллар Россия президенти Владимир Путин номига йўлланган мурожаат остида 8,5 мингдан зиёд имзо тўплашга муваффақ бўлишган.
Фуқаролар Янги Москвада сон жиҳатдан ўта кўпайиб кетган меҳнат мигрантлари орасида тартиб ўрнатишни сўрашмоқда. Бундан ташқари, таъкидланишича, ушбу ҳудудда чет элликлар иштирокидаги жиноятлар сони ҳам сезиларли ошган.
"Ўзимизнинг районимизда яшаш ноқулай ва хавфли бўлиб қолди, кечалари кўчага чиқишдан хавфсираяпмиз", - дейилади аризада.
Фуқаролар ушбу ҳолатга диққат билан эътибор қаратилишини ва "Россия аҳолиси ҳуқуқлари ва манфаатлари таъминланиши" йўлида бу масалада тартиб ўрнатилишини сўрашмоқда.
Фуқароларнинг таъкидига кўра, йирик "ФудСити" бозорининг шу ҳудда жойлашуви, Сахарово миграция марказига олиб борадиган йўлнинг ҳам айнан шу ердан ўтиши туфайли ушбу ҳудудда мигрантлар сони ниҳоятда кўп.
Таъкидланишича, Сосенское ҳудудида чет эллик фуқаролар назоратсиз келиб жойлашаётган маконга айланаётгани учун ҳам бу ерда "миграция сиёсати ҳаётга татбиқ этиляпти", деб айтиб бўлмайди.
2020 йил ҳолатига кўра, Сосенское шаҳар типидаги поселкасида 66 минг мигрант ва фуқаролиги йўқ шахслар яшашади.
Посёлкада расман рўйхатдан ўтган аҳоли сони эса 142 минг кишини ташкил этади.
Маҳаллий полиция бўлими баёнотига кўра, номусга тегиш ва ўғирлик сингари жиноятларнинг асосий қисми чет элликлар томонидан содир этилади, шу боис, маҳаллий аҳолининг ўзи ва яқинлари учун нега ташвиш чекаётганини тушуниш мумкин.