ТОШКЕНТ, 6 окт – Sputnik. Қизиқчи ва сўз устаси Валижон Шамшиев Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактаби директори лавозимига тайинланди.
Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби матбуот хизмати хабарига кўра, тайинлов Халқ таълими вазирлиги хулосаси асосида амалга оширилган.
“Ҳаммамизнинг мақсадимиз битта — Ўзбекистон келажагини янада гуллатиб яшнатиш ва унинг учун фарзандларимизни тарбиялаш. Фарзандлар тарбиясида қўлимдан келганча сизлар билан биргаликда хизмат қиламан", — дея ўз хизмат вазифасига киришди Шамшиев.
Қайд этиш жоизки, 2019 йилнинг октябрида Ўзбекистон президентининг тегишли қарори билан ХТВ тасарруфидаги “Баркамол авлод” республика ва ҳудудий болалар марказлари негизида Республика ва ҳудудий “Баркамол авлод” болалар мактаблари ташкил этилган эди. Бундай мактабларда 2020/2021-ўқув йилидан бошлаб "STEAM — таълим" дастури жорий этилиши белгиланган.