ТОШКЕНТ, 6 окт – Sputnik. “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон президенти қарори қабул қилинди.
Қарор билан Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг "Қуруқлик портлари" тўғрисидаги ҳукуматлараро битимига қўшилди.
Юкларни денгиз орқали ташиш процедураларини соддалаштиришга қаратилган "Қуруқлик портлари" тўғрисидаги битим 2013 йил 1 май куни Бангкокда имзоланган.
Транспорт вазирлиги мазкур халқаро шартномани амалга ошириш юзасидан масъул ваколатли орган этиб белгиланди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин Ўзбекистоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлайди.
Шартноманинг асосий мақсади – Осиё-Тинч океани минтақасида транспорт ташувларини уйғунлаштириш ва енгиллаштириш учун халқаро аҳамиятга эга бўлган логистика марказларини (қуруқлик портларини) қуриш ва ишлатиш бўйича кўрсатмаларни ишлаб чиқиш.
Шартномага қўшилишдан Ўзбекистоннинг логистика марказларини (қуруқлик портларини) халқаро аҳамиятга эга объектлар сифатида қабул қилиш ва рўйхатга киритиш кутилмоқда.