Мирзиёев Эмомали Раҳмон билан қўнғироқлашди

Суҳбат чоғида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан қўшни Афғонистонда вужудга келаётган вазият юзасидан фикр алмашдилар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 окт - Sputnik. Куни кеча, 5 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон мулоқоти бўлиб ўтди.
Мирзиёев Тожикистон президентини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги муваффақиятлар, биродар Тожикистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Замонавий Тожикистоннинг давлат қурилиши соҳасида ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги ютуқлари, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи изчил ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Жорий йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотида Тожикистон раислигининг самарали натижалари ҳамда ўтган ойда Душанбе шаҳрида ушбу кўп томонлама тузилманинг юбилей саммити муваффақиятли ўтказилгани юксак баҳоланди.
Ўзбек-тожик дўстлиги рамзи: Риштонда очилган боғчадан Sputnik репортажи
Президентлар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди ва аниқ мазмун билан бойиди.
Фаол алоқалар ва алмашинувлар давом этмоқда, ўзаро савдо ҳажми барқарор ортиб бормоқда, машинасозлик, энергетика, электротехника, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ҳудудлар даражасида ва ишбилармонлар ўртасида шериклик кенгаймоқда.
Самарқандда Ўзбекистон-Тожикистон демаркация комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди
Маданий-гуманитар алоқалар фаоллашди. Ўтган ҳафта Тошкент кинофестивали доирасида Тожик киноси кунлари бўлиб ўтди. Бундан ташқари, санъат, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ҳамкорлик лойиҳаларини тайёрлаш давом этмоқда.
Давлат раҳбарлари имзоланган битимлар ва эришилган келишувларни кенг кўламда амалга ошириш муҳим эканини таъкидлаб, қўшма ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида яқиндан ҳамкорлик ва мувофиқлашувни давом эттириш вазифасини қўйдилар.
Суҳбат чоғида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан қўшни Афғонистонда вужудга келаётган вазият юзасидан фикр алмашдилар.
Олий даражадаги учрашув ва тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.
Президентларнинг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек самимий, дўстона ва ишчан руҳда ўтди.