Бозор тамойилларига ўтиш – бензин тақчиллиги муаммосини ҳал қилди – вазирлик

Бугунги кунда истеъмолчиларга маҳаллий бензин билан бир қаторда Аи 92-95 маркали импорт бензин ҳам етказиб берилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 окт – Sputnik. Ўзбекистонда бензин нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинган, айни дамда маҳсулот нархлари нефтнинг дунё бозоридаги нархи ҳамда ишлаб чиқарувчи харажатлари асосида белгиланади, деб хабар қилмоқда Энергетика вазирлиги.
Нефтни қайта ишлаш заводлари ўз маҳсулотларини фақат биржалар орқали сотиши мумкин. Ана шундай тартиб Ўзбекистонда босқичма-босқич қабул қилинган. Хусусан:
Аи-92, Аи-93, Аи-95 ва Аи-98 маркали – 2017 йил 15 ноябрдан бошлаб;
Аи-91 маркали – 2019 йил 15 августдан бошлаб;
Аи-80 маркали – 2020 йил 1 майдан бошлаб.
Ҳозирда автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) маҳаллий нефть маҳсулотлари билан бир қаторда импорт қилинаётган автобензинларнинг ички бозорда реализацияси тобора ортиб бормоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автобензиннинг асосий қисми, яъни 78 % - Аи-80 бензинии. Жаҳон бозорида нефть нархи 15-20 % ошишига қарамасдан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Аи-80 автобензиннинг нархини бир маромда ушлаб турибди, - дейди энергетика вазирлиги.

Маълумот учун, Brent нефтнинг жаҳон биржаларидаги нархлари 80-81 АҚШ долларни ташкил этганда, АЁҚШ ларда 1 литр асосий ишлаб чиқариладиган Аи-80 автобензини 5 800 – 6 100 сўм чакана нархларда сотилмоқда. Юқори октанли Аи-91-95 бензинлар ўртача нархи 8 900 сўмни ташкил қилади.
Энергетика вазирлиги алоҳида қайд этишига кўра, бугунги кунда бозор тамойилларига ўтиш борасида қабул қилинган чоралар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, Ўзбекистонда автобензин тақчиллиги муаммоси ҳал этилган. Истеъмолчиларга маҳаллий бензин билан бир қаторда, Аи-91, Аи-92, Аи-95 маркали импорт қилинаётган бензинлар ҳам етарли миқдорда етказиб берилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистонга бензин импорти миқдори 3,2 баравар ошган эди. Импорт қилинаётган бензин асосан Россиядан (139 млн. литр), Туркманистондан (121 млн. литр), Қозоғистондан (16 млн. литр) ва Ироқдан (3,6 млн литр) олиб келинмоқда. Жорий йилнинг 8 ойида Республика ичида 730 минг тонна бензини ишлаб чиқарилган.