ТОШКЕНТ, 05 окт – Sputnik. Downdetector.com маълумотларига кўра, Facebook ва унга қарашли бўлган, Instagram, WhatsApp иловаси душанба куни кечга яқин деярли 7 соат вақт мобайнида ишламай қолди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Facebook компанияси муҳандислари айтишига кўра, узилиш сабаблари магистраль тармоқларга юбориш қурилмасининг конфигурацияси ўзгариши туфайли юзага келган.
Компания ушбу носозликлар фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ошкор этилишига олиб келмаганини алоҳида таъкидлади.
Bloomberg ахборот агентлигининг маълумотига кўра, мазкур узилиш Facebook тарихида энг каттаси бўлди. Унинг асосчиси Марк Цукерберг эса бир неча соат ичида компания акциялари нархининг пасайиши туфайли 7 миллиард долларга яқин зарар кўрган.
Маълумот ўрнида, дунё бўйлаб 2 миллиард одам ҳар куни Facebookдан фойдаланади.