Шерали Жўраевнинг икки қўшиғини рухсатсиз куйлаган San Jay яна жаримага тортилди

Хонанда San Jayга нисбатан Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг “Гулбадан” ҳамда “Атиргулим атрингни соч” қўшиқларидан ноқонуний фойдалангани учун чора кўрилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 окт – Sputnik. Суд муаллифлик ҳуқуқларини бузган San Jay тахаллуси билан ижод қилаётган хонанда Джавбердиев Санжарни маъмурий жавобгарликка тортди. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, агентликка хонанда San Jay Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев қаламига мансуб “Гулбадан” ҳамда “Атиргулим атрингни соч” номли шеърий асарлардан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз, ноқонуний тарзда фойдаланганлиги сабаб чора кўриш ҳақида шикоят келиб тушган.
Агентлик томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида мурожаатда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топган.
Агентлик хонанда San Jayга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузган ва уни кўриб чиқиш учун тегишли судга юборган.
Мазкур маъмурий иш материаллари 20 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан кўриб чиқилиб, фуқаро С.Джавбердиевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177(1)-моддаси биринчи қисми билан жарима жазоси (БҲМнинг бир бараваридан беш бараваригача — 1 млн 350 минггача) қўлланилган.
Агентлик янги қонунга мувофиқ муаллифга муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлари бузилган тақдирда, бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахслардан зарар қопланиши ўрнига БҲМнинг 20 бараваридан 1000 бараваригача товон тўлашини талаб қилиш ҳуқуқи берилганини эслатган.
Аввалроқ Шерали Жўраевнинг “Карвон” номли қўшиғини ва шеърини асар яхлитлигини бузган ҳолда муаллифларнинг розилигисиз ижро этган хонанда San Jay жаримага тортилган эди.