ТОШКЕНТ, 4 окт – Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинаси юзасидан шикояти бўлмаган, ҳужжатларга оид айрим саволлар бўлган. Бу ҳақда Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко маълум қилди.
“Маҳсулотга нисбатан шикоят бўлмаган, ҳужжатлар тўпламига оид саволлар бўлган. Ҳар бир фармацевтика маҳсулоти учун экспертлар баҳосидан ўтадиган ҳужжатлар тўплами шакллантирилади, улар тегишли равишда хулосаларини тақдим этишади”, - деди Мурашко “Биотехмед” форимида. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
Россия вазирининг сўзларига кўра, “муайян қоидага биноан ҳужжатлар тўпламини расмийлаштириш керак бўлган”.
“Ҳозир охирига расмийлаштирилган, киритилмоқда, мавжуд келишмовчиликлар олиб ташланди” , - деди у.
Мурашко зарурий ҳужжатлар бир ярим ҳафта ичида топширилиши кераклигини қўшимча қилди.
Аввалроқ ЖССТда “Спутник V” вакцинасини тан олиш йўлидаги барча тўсиқлар олиб ташлангани хабар қилинган эди.