МО ва Россия элчихоналари вакиллари “Уч авлод учрашуви” фестивалига ташриф буюришди

Фестивалга ташриф буюрган дипломатик корпус вакилларининг таъкидлашича, бу каби ҳар бир байрамда миллатлараро дўстлик муҳити, авлодлар ўртасидаги самимиятни кўрсатиш гўзал бир анъанага айланиб бормоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги “Гулистон” маҳалласида “Уч авлод” фестивали бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон республикаларининг мамлакатдаги элчилари, Россия ва Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихоналари масъуллари оила аъзолари билан иштирок этди.
Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзода таъкидлашича, бу ерда йиғилган уч авлод вакиллари – Ўзбекистон фахри.
“Бугунги байрамларда турли миллат вакилларини – тожик, ўзбек, қирғиз, қозоқ, рус каби кўплаб халқларга мансуб ватандошларни кўришимиз мумкин. Сезилиб турибдики, улар бир тану бир жон бўлиб, шундай заминда тотувлик ва иноқликда яшаётганликларидан жуда ҳурсандлар. Бу, албатта, ҳар бир давлат учун катта ютуқдир. Бу муҳитни асраб-авайлаш эса ҳар бир ватандош учун ҳам фарз, ҳам қарздир”, - деди дипломат.
“Гулистон” маҳалласи – Юқоричирчиқ туманининг чекка бир қишлоқларидан бири бўлиб, бу ерда ўзбек, қозоқ, корейс, рус, татар, тожик, қирғиз, туркман ва бошқа миллатларга мансуб аҳоли ҳамжиҳатликда тотув ҳаёт кечирмоқда. “Обод қишлоқ” дастури асосида қишлоқда янги ижтимоий соҳа объектлари, йўллар ва бошқа объектлар янгилангач, Гулистон қишлоғи чин маънода Гулистонга айланган.
Фестивалга ташриф буюрган дипломатик корпус вакилларининг таъкидлашича, бу каби ҳар бир байрамда миллатлараро дўстлик муҳити, авлодлар ўртасидаги самимият, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш гўзал бир анъанага айланиб бормоқда.
Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Дархан Сатибалдининг сўзларига кўра, Ўзбекистон раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари туфайли бу ерда миллатлараро тотувлик ва тинчлик ҳукм сурмоқда.
1 / 5
МО ва Россия элчихоналари вакиллари “Уч авлод учрашуви” фестивалига ташриф буюришди
2 / 5
МО ва Россия элчихоналари вакиллари “Уч авлод учрашуви” фестивалига ташриф буюришди
3 / 5
МО ва Россия элчихоналари вакиллари “Уч авлод учрашуви” фестивалига ташриф буюришди
4 / 5
МО ва Россия элчихоналари вакиллари “Уч авлод учрашуви” фестивалига ташриф буюришди
5 / 5
МО ва Россия элчихоналари вакиллари “Уч авлод учрашуви” фестивалига ташриф буюришди
Фестивалда миллий-маданий марказлар фаоллари ташкил қилган тақдимотлар, турли тилларда намойиш этилган бадиий дастурларда мамлакатда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик-тотувлик муҳити тараннум этилди.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Вадим Митрофанов бу байрамда бўлиш ва катта-ю кичикнинг ўзаро ҳурмати, эҳтиромни кўриш уни хурсанд қилганини тан олди.
“Устозларининг эришган ютуқлари ва ҳаёт йўли ҳақида эшитиш ёш авлод учун қизиқ ва ибратлидир. Турли миллатларнинг бир ерга жам бўлгани эса мазкур тадбирнинг тарбиявий аҳамиятини янада кучайтиради. Бу Ўзбекистоннинг кўп миллатли давлат экани ва барча тенг ҳуқуқли эканидан далолатдир”, - дейди Митрофанов.
Мулоқотларда Ўзбекистонда 30 июль куни Халқлар дўстлиги куни этиб белгилангани кўпмиллатли халқимизни ягона аҳил оила сифатида янада жипслаштиришга хизмат қилаётгани кўп бора таъкидланди.
Тадбир давомида эл-юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган уч авлод вакилларидан бир гуруҳига “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари топширилди.
Ўзбек-тожик дўстлиги рамзи: Риштонда очилган боғчадан Sputnik репортажи