Қаршида уч эгизак туғилди. Уларга Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйилди

Қаршида ўқитувчи ва мураббийлар кунида 3 нафар эгизак дунёга келди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Қарши шаҳар туғруқхонасида 1 октябрь куни 3 нафар эгизак дунёга келди. Эгизакларнинг учаласи ҳам ўғил бола.
Муродовлар оиласи Қарши тумани Узуннаво маҳалласида яшайди. "Полвон"ларнинг онаси Шаҳло Ҳусанова 30 ёшда, вилоят тери-таносил шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлайди. Отаси - Искандар Муродов 37 ёшда, Миллий гвардия ходими.
Эгизаклардан бирининг вазни 2,1, иккинчисиники 2,4 ва учинчисиники 2,2 килограммдан иборат.
Ота-онаси чақалоқларга Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйишди.
Айни пайтда оиладаги болалар сони 5 нафарга етди. Бунгача Муродовларнинг бир ўғил, бир қизи бўлган.