Хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун йил охирига қадар Парламентга киритилади - Ортиқов

Ўзбекистонда хусусийлаштириш тўрисидаги қонун йўқлиги ушбу жараённи жуда секинлаштирмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 сен - SPUTNIK. Ушбу йил охирига қадар Ўзбекистонда хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга киритилади. Бу ҳақида Тошкент иқтисодий форуми доирасида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмал Ортиқов хабар қилди. Sputnik мухбири хабарига асосан.
"Агентлигимиз “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири устида иш олиб бормоқда. Йил охирига қадар уни Парламентга киритишни режалаганмиз", - деди Давактив раҳбари.
Шу билан бирга агентлик раҳбари айрим соҳаларда хусусийлаштиришдан олдин таҳлил ўтказилишини айтиб ўтди.
Шуни ҳам қўшимча қилмоқчиманки, соғлом рақобат муҳити шаклланиб улгурган соҳаларда давлат корхоналарини ўрганиш ва уларни қисқартириш бўйича чуқурлаштирилган таҳлил ўтказамиз, - деб қўшимча қилди Ортиқов.
Иқтисодий форумда сўзга чиққан “Дентанс” бошқарувчи ҳамкори Элдор Маннопов айтишига кўра, хусусийлаштириш тўрисидаги қонун йўқлиги ушбу жараённи жуда секинлаштирмоқда. Хусусан, куни кеча якунига етган, Coca Cola компаниясини хусусийлаштириш тўғрисидаги битим устида ҳам бир йиш ишлашга тўғри келган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда президент фармонига кўра, 479 та давлат корхонасини тўлиқ хусусийлаштириш, 2025 йилгача давлат корхоналарининг умумий сонини 75 фоизга камайтириш кўзда тутилган. Ушбу ишларни жадал ва самарали амалга ошириш учун хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга.