ТОШКЕНТ, 30 сен – Sputnik. Тошкент шаҳри Миробод туманида икки мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий жанжал содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, воқеа 28 сентябрь куни 94 ва 145-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 9-10 синф ўқувчилари ўртасида рўй берган. Улар аввалига телеграмда ўзаро гап талашиб қолишган. Кейин эса Миробод тумани Амир Темур кўчасида учрашиб, муносабатларни ҳал қилишмоқчи бўлишган.
“Мазкур учрашувга 20 нафарга яқин мактаб ўқувчилари келишган ва уларнинг бир нечтаси ўртасида жанжал бошланган”, - дейилган хабарда.
Жанжалдан хабар топган ҳудудий профилактика инспекторлари аралашуви билан можаронинг олди олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ўтказилмоқда. Якунида қонуний қарор қабул қилинади.