Ўзбекистонда 10 дан зиёд букмекерлик сайтлари блокланди

Ўтган давр мобайнида агентлик АОКА билан биргаликда 10 дан ортиқ букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи ноқонуний сайтларга киришни чеклаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 сен – Sputnik. Ўзбекистонда 10 дан ортиқ букмекерлик хизматларини кўрсатувчи веб-сайтлари блокланди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабар бермоқда.
Хабарда ёзилишича, ўтган давр мобайнида агентлик АОКА билан биргаликда 10 дан ортиқ букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи ноқонуний сайтларга киришни чеклаган. Бу соҳадаги ишлар давом этмоқда.
Агентлик Ўзбекистонда букмекерлик фаолияти ноқонуний ҳисобланишини эслатган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар), шунингдек, Жиноят кодексининг 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш)га биноан бу турдаги фаолият ҳали ҳам ноқонуний ҳисобланади.
Ўзбекистонда 2021 йилдан букмекерлик фаолиятига рухсат берилади
Қайд этиш жоизки, президент фармони билан 2021 йил 1 январдан бошлаб футболнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Ўзбекистон ҳудудида букмекерлик ва тотализатор фаолиятини амалга ошириш учун бирор-бир хўжалик юритувчи субъектларга лицензия берилмаганини маълум қилган эди.