“Мутахассисларингизни қайтаринг!”

Ўзбекистон иқтисодий форумида “Ишлаб чиқариш ва Ўзбекистоннинг глобал таъминот захираларидаги ўрни” мавзуси муҳокама этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 сен – Sputnik. Тошкентда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон иқтисодий форумида “Ишлаб чиқариш ва Ўзбекистоннинг глобал таъминот захираларидаги ўрни” мавзуси муҳокама этилди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдиназаров қазилма бойликлар ҳақида гапирар экан, 2700 дан ортиқ конлар мавжудлигини қайд этиб ўтди.
“Биргина қурилиш соҳаси учун 522 та кондан фойдаланаяпмиз, - дейди вазир ўринбосари. - Шу билан бирга, мисга алоҳида эътибор қаратамиз. Кўпгина хорижлик экспертларнинг прогнозларига кўра, 2030 йилга қадар мисга бўлган эҳтиёж 40 фоизгача ортади. Сабаб? Истеъмол ўсади, лекин уни етказиб беришда оқсашлар юз беради. Биз 2024-2028 йилларда мис ишлаб чиқаришни йилига 400 минг тоннага етказмоқчимиз”.
Олмалиқ мис бойитиш фабрикаси ҳақида батафсил
“Ўзавтомоторс” бош директори Бо Инге Андерссоннинг фикрига кўра, ривожланиш ҳақида гапирганда, логистика масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
“Мен ўзим америкаликман, лекин бир нарсани аниқ айта оламанки, АҚШда поездда саёҳат қилиш у қадар қулай эмас, Россияда эса бошқа гап, поездда саёҳатга чиқсангиз, мазза қиласиз... Саноат ҳақида гапирадиган бўлсам, электромобилларни ишлаб чиқаришга эътибор қаратмоқчимиз. Бу бизнинг қўлимиздан келади, кўрамиз, харидорлар уни қандай қабул қиларкан?”, - дейди Андерссон.
Мазкур сессия модератори Пирс Кимберлеж ҳукумат вакили – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари иштирок этаётганидан фойдаланиб, спикерлардан унга саволлар билан мурожаат этишни таклиф қилди.
Солиқлар, технологиялар мавзуларида саволлар берилгандан кейин Бо Инге Андерссон ҳам ўз фикрини билдирди.
“Мен умримнинг кўп қисмини чет эллик сифатида ўтказганман. Биласизми, бундай турмуш кечириш унчалик ҳам осон эмас. Агар менинг мушкулимни осон қилмоқчи бўлсангиз, ўз мутахассисларингизни юртингизга қайтаринг!”, - деди у.
Унинг бу сўзлари бутун залнинг олқишларига сабаб бўлди.