Венгриянинг ОТP Bank банки “Ипотека-банк”нинг 75 фоизини харид қилади

“Ипотека-банк“ давлат улушининг 75 фоизини сотиш тўғрисидаги битим имзоланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 сен – Sputnik. Венгриянинг ОТP Bank банки Ўзбекистоннинг “Ипотека-банк” давлат улушининг 75 фоизини харид қилади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Тошкентда “Uzbekistan Economic Forum 2021” бўлиб ўтмоқда. Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки кўмагида Ўзбекистон ҳукумати, халқаро ташкилотлар ва бизнеснинг 300 га яқин вакиллари иштирок этмоқда.
“Венгриянинг OTP Bank банки Ўзбекистонга келди. Бугун биз “Ипотека-банк“ давлат улушининг 75 фоизини сотиш тўғрисидаги битимни имзолаймиз.Икки ой ичида келишувни якунлаймиз”, — деди Қўчқоров форум давомида.
Бош вазир ўринбосари “Ипотека-банк”ни хусусийлаштириш Халқаро молия корпорацияси (IFC , Жаҳон банки тузилмасига киради) билан Ўзбекистон банк соҳасига потенциал инвесторларни жалб қилишга оид келишув доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистонда олтита банк хусусийлаштирилади - президент фармони
Қўчқоровнинг сўзларига кўра, бошқа банклар ҳам худди шу шаклда хусусийлаштирилади: “трансформация — сотувга тайёрлаш — хусусийлаштириш”.
“Бизга 10 та давлат банки керак эмас. Шунинг учун биз "Ўзсаноатқурилишбанк"ни хусусийлаштиришда "Ипотека-банк"ни хусусийлаштириш тажрибасидан фойдаланишни режалаштирмоқдамиз”, - деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Ипотека-банк", "Ўзсаноатқурилишбанк", "Асака" банки, "Алоқабанк", "Қишлоқ қурилиш банк" ва "Туронбанк" даги давлат улушлари босқичма-босқич хусусийлаштирилиши хабар қилинган эди.