ТОШКЕНТ, 29 сен – Sputnik. Молдованинг “Шериф” футбол клуби Европа чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 2 -тур учрашувида Испаниянинг “Реал Мадрид” жамоасини 2: 1 ҳисобида мағлуб этди.
Мадриддаги афсонавий “Сантьяго Бернабеу” стадионида бўлиб ўтган баҳснинг 25-дақиқасида ўзбекистонлик футболчи Жасур Яхшибоев “Реал Мадрид” дарвозасини ишғол қилди.
Ўйиннинг 65-дақиқасида “Реал” ҳужумчиси Карим Бензема пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.
Аммо ўйиннинг 89-дақиқасида “Шериф” яна олдинга ўтди – ғалаба келтирган голни Себастян Тилл рақиб дарвозасига аниқ йўллади. Шу тариқа, ўйин 1:2 ҳисобида Жасур Яхшибоев жамоасининг ғалабаси билан якунланди.
Чемпионлар лигаси “Д” гуруҳидан ўрин олган “Шериф” икки ўйиндан кейин 6 очко билан ҳозирда ўз гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. Эътиборлиси, “Шериф” футбол клуби ЕЧЛ дебютанти саналади.
Жасур Яхшибоев 30 август куни "Шериф" клуби сафига ижара асосида "Легия Варшава" клубидан келиб қўшилган эди.