ТОШКЕНТ, 29 сен – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев, эксперимент тарзида бирламчи бўғин тиббиёт пунктларида алоҳида ҳамширалик қабул пунктлари ташкил этилишини айтиб ўтди.
Бу ҳақда ЎзЛиДеп партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёв бугун Андижонда бўлиб ўтаётган сайловчилар билан учрашув вақтида маълум қилди.
"Энди ҳамшираларга 12 та энг кўп учрайдиган касалликлар бўйича беморларни бирламчи текширув ва скринингдан ўтказиш ва дастлабки ташхис қўйиш ваколати берилади. Ушбу янги тизим бўйича, келгуси йилда 700 нафар ҳамшира махсус курсларда ўқитилади. Бунинг ҳисобига, беморларни қабул қилиш навбати қисқариб, шифокор томонидан беморга ажратиладиган вақт икки баробарга ошади.”, – деди Мирзиёев.
Айтилишича, 170 та бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларида алоҳида ҳамширалик қабул пунктлари ташкил этилади.
Шунингдек, Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси тўлиқ реконструкция қилиниши, унинг негизида эса водий аҳолиси учун кардиология, нейрохирургия, кўз касалликлари ва урология йўналишлари бўйича йилига 7 мингта мураккаб операция ўтказадиган “тиббиёт маркази” ташкил этилиши ҳам қўшимча қилинди.