Сурхондарёдаги чегара постида жанговар ўқ-дори олиб ўтаётган шахс ушланди

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 сен - Sputnik. Сурхондарё вилоятидаги "Айритом" чегара божхона постида қўшни Афғонистондан жанговар ўқ-дори олиб ўтаётган ўзбекистонлик ҳайдовчи ушланди.
Бу ҳақда давлат божхона қўмитаси ахборот-хизмати хабар бермоқда.
"Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона постига қўшни мамлакатдан кириб келган фуқаро Қ.Ҳ. бошқарувидаги “Cobalt” русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганида <...> юкхонадаги сумкада жанговар ўқ-дорилар туркумига кирувчи, отиш учун яроқли бўлган 1 дона 9 ммли "Parabellum" патрони борлиги аниқланди", - дейилади хабарда.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.