ТОШКЕНТ, 28 сен - Sputnik. Самарқанд вилояти Самарқанд туманида куни кеча 13 нафар фуқаро хонадонларида табиий газ йўқлигидан норозилик билдириб, йўлни тўсиб қўйган. Бу ҳақда вилоят ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда.
""Янгиариқ-1" МФЙ, Чунгул кўчасида яшовчи 13 нафар фуқаро табиий газ йўқлигидан норозилик билдириб, Самарқанд М-37 автомобиль йўлининг 8—9-километрида йўлнинг қатнов қисмига чиқиб, йўлни тўсиб қўйган", - дейилади хабарда.
Хабарда таъкидланишича, ушбу маҳалла 2015 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида табиий газ тармоғидан узилиб, суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланиши йўлга қўйилган.
Норозилик билдириб чиққан фуқаролар истиқомат қилувчи маҳаллага Самарқанд тумани газ таъминоти бўлими томонидан охирги маротаба 2021 йилнинг 29 июль куни суюлтирилган газ баллонлари тарқатилган.
Мазкур фуқаролар Самарқанд туман ҳокимияти биносига олиб келиниб, туман ҳокими, вилоят ва туман ИИБ раҳбарияти ҳамда мутасадди ташкилот ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судига юборилди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судининг 27 сентябрь кунидаги қарори билан 13 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, маъмурий жавобгарликка тортилди.
Ҳуқуқбузарликнинг икки нафар ташкилотчисига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлса, қолган 11 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан жарима жазоси тайинланган.