Москва полицияси мигрантларга огоҳлантириш билан чиқди

Москва полицияси мигрантларга октябргача ўз мақомини қонунийлаштириш зарурлигини эслатди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Москва полицияси Россия Федерациясида бўлган мигрантларга 30 сентябргача ўз мақомини қонунийлаштириш зарурлигини эслатди.
Гап Россия Федерациясига 2020 йил 15 мартгача келган ва 2021 йил 16 июн ҳолатига кўра Россияда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳақида кетмоқда.

Қандай қилиб қонунийлаштириш керак

Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига ҳуқуқий мақомни тартибга солиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш керак.
Ўз мақомини ҳал қилган чет элликлар, РФда бўлишга рухсат берилган муддат ичида, ишлаш ва вақтинчалик ёки доимий яшаш учун рухсатномаларни расмийлаштириш учун ИИВнинг ҳудудий органларига мурожаат қилишлари мумкин.

Улгурмаганлар эса...

Ҳуқуқий мақомини белгиланган тартибда ҳал қилмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан Россия Федерациясининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ маъмурий чоралар қўлланилади - дейилган полиция хабарида.

Ҳуқуқ-тартибот органлари фуқароларга миграция бўлинмаларига олдиндан мурожаат қилишни маслаҳат беришди.
Аввалроқ, чет элликлар ноябр ойида Путилководаги миграция марказининг ёпилиши ҳақида огоҳлантирилганди - уни “Сахарово” кўп тармоқли миграция маркази билан бирлаштиришга қарор қилинди.
Чет элликларни бошқа ўзгаришлар ҳам кутмоқда: РФ ИИВ мигрантларнинг Россияда бўлиш қоидаларини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди.
Масалан, Россия Федерациясига келган вақтда меҳнат мигрантлари "қонун қоидаларга риоя қилиш шартномаси" ни имзолашга мажбур бўлади.
Бундан ташқари, ишлаш учун келган чет эл фуқаролари ичида дактилоскопия маълумотлари бўлган ID-картани олишлари керак бўлади.