ТОШКЕНТ, 28 сен – Sputnik. “Толибон”* радикал ҳаракати томонидан тайинланган Кобул университетининг янги ректори эндиликда бу муассасада “ҳақиқий ислом тартиби” ўрнатилмагунча аёлларнинг дарс бериши ёки ўқиши тақиқланишини эълон қилди. Бу ҳақда Покистоннинг AJK телеканали хабар бермоқда.
“Мен сизларга Кобул университети ректори сифатида ўз сўзларимни етказмоқдаман. Ҳамма учун ҳақиқий ислом муҳити таъминланмагунга қадар аёлларга университетларга ҳужжат топшириш ёки у ерда ишлашга рухсат берилмайди”, - дея ректор Муҳаммад Ашраф Ғайрат сўзларидан келтирган телеканал.
Аввалроқ толиблар ҳукумати Афғонистонда талаба қизлар университетларда таълим олишлари мумкинлиги, лекин талаба йигитлардан алоҳида ўқишларини эълон қилишганди.
Муҳаммад Ашраф Ғайрат энг йирик Кобул университети раҳбарлигини 22 сентябрда қўлга олди. Ундан олдинги ректор профессор Муҳаммад Усмон Бобурийни толиблар лавозимидан озод қилган.
* Россия ва қатор давлатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти