ТОШКЕНТ, 27 сен – Sputnik. Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони Рустам Жўраев Камондан отиш федерациясига раҳбар этиб сайланди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Туризм ва спорт вазирлигида Ўзбекистон Камондан отиш федерациясининг навбатдан ташқари конференция йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Миллий гвардия қўмондони, генeрал-майор Рустам Жўраев, мутасадди ташкилотлар вакиллари, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган делегатлар ҳамда мураббийлар ва бошқа мутахассислар қатнашди.
“Камондан отиш федерацияси раиси лавозимига Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони Рустам Жўраев номзоди таклиф этилиб, делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди”, - дейилган хабарда.
Жўраев билдирилган ишонч учун иштирокчиларга миннатдорчилик изҳор этиб, камондан отиш спорт турини оммалаштириш ва ривожлантиришда барча куч ва имкониятларни ишга солишини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, генерал-майор Рустам Жўраев 2020 йил мартида Миллий гвардия қўмондони бўлган эди. У 2020 йилнинг сентябрида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг Қўл жанги федерацияси раҳбари этиб тайинланган эди.