ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Наманганда сайловчилар билан учрашув чоғида Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан чегарадаги вазият бўйича ҳам тўхталиб ўтди.
“Афғонистондаги ҳолат ҳаммамизга сабоқ бўлиши керак. Чегарадаги вазият ҳар куни диққат марказимизда. Ҳеч кимга сарҳадларимизга дахл қилишга йўл қўймаймиз. Чунки Ўзбекистонда қонун устувор, жазо муқаррар.
Куни кеча ҳам давлатимиз чегарасини бузиб ўтишга уриниш бўлди. Бир наркобарон ҳаракат қилди. Лекин биз дахлсизлик масаласида позициямиз қатъий, керак бўлса, чегарамизни ҳимоя қилиш учун қурол ишлатамиз.
Кечаги вазиятда ҳам ўз вазифасини шараф билан бажарган бир аскаримиз қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У шу юрт фарзанди – наманганлик эди”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов аскарнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.
“Куни кеча Афғонистон чегарасида наркобарон гуруҳи томонидан давлат чегарасини бузиб ўтишга уриниш пайтида бўлган отишма натижасида бир аскаримиз халок бўлибти. Фурсатдан фойдаланиб қахрамоннинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб қоламан”, - деб ёзган Комил Алламжонов.