ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Россиянинг Томск вилоятида 11 нафар ўзбекистонликнинг ўлимида айбланган аёлга суд ҳукми эълон қилинди.
Томск вилояти Асиново шаҳар суди ёғочни қайта ишлаш “Грин Вуд” компанияси директори Сун Анни тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум этди. У жазони манзил-колонияда ўтайди.
Таъкидланишича, компания директори ходимларига хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган бинода яшашни ташкил қилган. Оқибатда 2020 йилнинг январида содир бўлган ёнғин оқибатида 12 киши, жумладан, 11 ўзбекистонлик ҳалок бўлган.
Суд аёлни ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, бепарволик туфайли икки ёки ундан ортиқ одамнинг ўлимига ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатишда айбдор деб топган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил январида Россиянинг Томск вилоятида рўй берган ёнғин оқибатида 11 нафар Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлган эди.