ТОШКЕНТ, 24 сен - Sputnik. Ўзбекистон Халқаро ислом академияси делегацияси Татаристонга ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати.
Ислом академияси ректори М.Комилов бошчилигидаги делегация 23 сентябрь куни, Татаристондаги Булғор ислом академияси ректори вазифасини бажарувчи Айнур Тимерхонов билан учрашди.
Учрашув давомида Комилов Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳикоя қилиб берди. Хусусан, Халқаро ислом академиясининг ташкил этилиши, унинг мақсад ва вазифалари, бугунги кундаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Академия ҳузурида ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳақида ҳам батафсил сўзлаб берилди.
Мезбонлар томонидан Ўзбекистонда ислом илмларини чуқур ўрганиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди ва Булғор ислом академияси ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Музокаралар якунида иккала томон ҳам илмий-маърифий соҳаларда ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдиришди. Хусусан Ўзбекистон ва Татаристон таълим масканлари орасида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, докторлик ва магистрлик диссертациялари ёқлашда ҳамкорлик қилиш борасида амалий келишувларга эришилди.