Тошкентда 5 нафар талабанинг ўлими: суд ҳукм ўқилди

Тошкентда 5 талабанинг заҳарланиб вафот этишида айбланган ижарачига суд ҳукми ўқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида пойтахтдаги ижара уйда беш талаба вафот этиши бўйича иш кўриб чиқилиб, суд ҳукми ўқилди.
Юнусобод тумани “Фирдавсий” маҳалласи Инжобод кўчасидаги хонадонда 27 февраль куни ижара асосида яшаган беш талабанинг мурдаси топилганди.
Дастлаб Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми "а" банди (одам ўлишига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) аломатлари билан иш очилганди, бироқ кейинроқ жиноят иши Жиноят кодексининг 102-модда 2-қисмига (эҳтиётсизлик орқасидан икки ва ундан ортиқ одам ўлдириш) қайта малакаланган.
Тошкентда ижарада яшаган беш талабанинг ўлимига нима сабаб бўлгани очиқланди
Иш бўйича Тошкент шаҳрида туғилган аёл (1964 йил туғилган) судланган. Суд қарорида айтилишича, ушбу аёл олти нафар талаба билан қонуний ижара шартномаси тузмай, уларни одам ҳаёти учун хавфли ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган ўзининг яшаш уйининг қўшимча қисмини (тўрт хонали уйнинг уч хонаси) талабаларнинг ижарада яшаши учун ажратган.
Республика Суд тиббиёт экспертизаси Тошкент шаҳар Морфология бўлимининг хулосасига кўра, ижарачиларнинг ўлимига ис газидан ўткир заҳарланиш натижасида ўткир нафас ва юрак, қон-томир етишмовчилиги сабаб бўлгани аниқланган. Уларнинг қонида токсик концентрацияси турли фоизларда бўлган корбокси-гемоглабин моддаси топилган.
Бундан ташқари, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2021 йил 23 апрелдаги комплекс экспертиза хулосасига кўра, уйнинг хоналарида ўрнатилган газ ускуна ва жиҳозлари техник ва меъёрий қоида талабларига асосан ўрнатилмагани, амалдаги талабларга жавоб бермаслиги, газ ускуна ва жиҳозлари ўрнатиш техник талабларига жавоб бермаслиги, газ ускунаси ва жиҳозларининг дудбўронлари ёниш маҳсулотларини чиқиш йўналишлари тўғри ўрнатилмагани амалдаги талабларга жавоб бермаслиги аниқланган.
Айни пайтда қонуний кучга кирган суд ҳукмига кўра, судланувчи – уй эгаси Жиноят кодексининг 102-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.