ТОШКЕНТ, 23 сен – Sputnik. Тошкентда метро вагонида 13 ёшли қизга нисбатан тегажоғлик қилишда гумон қилинган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов маълум қилди.
Аниқланишича, у илгари Ўзбекистон ЖКнинг талончилик, ўғирлик ва вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этганлиги учун қамалиб чиққан Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаро К.Ш.
Ҳозирда мазкур шахснинг ҳаракатларида вояга етмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш жиноятининг аломатлари мавжудлиги текширилмоқда.
ИИВ суратдаги шахснинг ҳаракатларидан жабрланганлардан дарҳол 102 рақамига ёки яқин орадаги ички ишлар органига хабар беришни сўраган.
Кейинчалик Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилишича, Тошкент метрополитенинг “Олмазор” бекатида вояга етмаган қизга беҳаё ҳаракатлар содир этган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.