ТОШКЕНТ, 23 сен - Sputnik. Ўзбекистон ҳарбийлари “Тинчлик миссияси – 2021” ўқув-машқларида иштирок этди, деб хабар қилмоқда Мудофаа вазирлиги.
ШҲТга аъзо давлатлар иштирокида бўлиб ўтган машқларда ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар ўз маҳоратларини намойиш қилишди ва ташкилотчилар ҳамда ҳамкорлар эътирофига сазовор бўлишди, - дейилган хабарда.
Маълумот учун, Россия Федерациясининг Оренбург вилоятидаги "Донгуз" дала ўқув майдонида бўлиб ўтган машғулотларда Ўзбекистондан ташқари Россия, Ҳиндистон, Хитой, Қозоғистон, Покистон, Беларусь, Тожикистон ва Қирғизистон ҳарбийлари иштирок этишди.
Бирлашган қўшинлар шартли рақибнинг ҳужумини қайтариб, қарши ҳужумга ўтишди ва рақибнинг асосий кучларини яксон қилишди. Қарши ҳужумда Су-34 бомардимончи ва Су-25 ҳужумчи самолётлари рақибни бомбабўрон қилишди, артиллерия ва ракета зарбалари берилди ҳамда рақиб ички ҳудудига интернационал кучлардан иборат десант туширилди.