ТОШКЕНТ, 23 сен - Sputnik. Бишкекда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Қирғизистон тадбиркор аёллари ўртасида бўлиб ўтган учрашуви доирасида умумий қиймати 13 млн. доллардан ортиқ бўлган шартномалар имзоланди. Бу ҳақида Олий Мажлис Сенати хабар қилмоқда.
"Ўзбекистон ва Қирғизистон тадбиркор аёллари ўртасида бўлиб ўтган “B2B” учрашувлари якунида томонлар ўртасида умумий қиймати 13,2 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 15 га яқин шартнома ва меморандумлар имзоланди", - дейилган хабарда.
Шартномалар орасида Ўзбекистоннинг "Ташпулат Строй Инвест" МЧЖ ва Қирғизистоннинг "Sky Industrial Group", Hyundai Construction", "Lift Sky Elevators" номли компаниялари орасида имзоланган, Иссиқкўл вилоятида коттеджлар ва биноларга лифт ўрнатиш бўйича умумий суммаси 7 млн.АҚШ долларига тенг қийматли шартномалар алҳида аҳамиятга эга, дейилган хабарда.
Ундан ташқари Ўзбекистоннинг "MUINOK TOUR" ва Қирғизистоннинг "АСТРА КИРГИЗИЯ" туристик фирмалари томонидан имзоланган меморандум икки давлатда туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.