Хориждан ўқишини кўчирмоқчи бўлганларнинг 72% минимал баллни ҳам тўплай олмади – ДТМ

ДТМ бир йилдан сўнг Ўзбекистондаги ОТМга киргизиб қўйишни ваъда қилаётган фирмаларга ишонмасликни ва тест синовларига пухта тайёргарлик кўришни тавсия қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 сен – Sputnik. Давлат тест маркази фарзандини ўқишини хориждан Ўзбекистонга кўчирмоқчи бўлган ота-оналарга мурожаат билан чиқди.
“Аслида, ёшларнинг нуфузли хорижий ОТМларда таълим олиб, етук мутахассис бўлиш орзуси жуда яхши, лекин мақсад қандай қилиб бўлса ҳам 1 йилдан сўнг ўқишни Ўзбекистонга кўчириб олиш бўладиган бўлса, бу - яхши ҳолат эмас, албатта”, - деб ёзади ДТМ.
Ўзбекистонда сўнги 2 йилда фарзандини хорижий ОТМга ўқишга киргизиб бир йилдан сўнг Ўзбекистонга кўчириш ҳолатини тез-тез учратиш мумкин. 2020 йилда бундай кўчиришни имтиҳонсиз амалга ошириш мумкин бўлган бўлса, 2021 йилда бу тартиб ўзгарди.
Хусусан, президентининг 22 июндаги қарорига асосан - барча талабалар имтиҳон топшириши ва ОТМ томонидан белгиланган минимал ўтиш балини тўплаши шарт.
Ана шундай имтҳонлар 2021 йилда илк бор, Давлат тест маркази томонидан ўтказилди ва уларнинг натижалари таажубли бўлди. Тестда иштирок этган 85 261 нафар абитуриентлардан 72% минимал талабни ҳам бажара олишмади.
Ҳозир кўплаб консалтинг фирмалар 1 йилдан сўнг Ўзбекистонга кўчириб бериш ваъда қилинмоқда, лекин ҳеч қайси фирма Ўзбекистондаги ОТМга киритиб қўйиш кафолатини бера олмайди.
Шунинг учун ДТМ бундай ваъдаларига ишонмасликни ва ўз билимига ишонган ҳолда тест синовларига пухта тайёргарлик кўришни тавсия қилади.