ТОШКЕНТ, 20 сен – Sputnik. Тошкентда бўлиб ўтган “Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг янги тарихий бочқичидаги тараққиёт ва хавфсизлик таҳдидлари” конференцияси иштирокчилари ўзаро муносабатларнинг ривожланиш истиқболларини таҳлил қилдилар, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Халқаро анжуман қатнашчиларининг фикрига кўра, Ўзбекистоннинг қўшни Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон мамлакатлари билан сифат жиҳатидан янгича муносабатлари туфайли ўзаро ишончга асосланган минтақавий ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Мисол сифатида ниҳоятда нозик масала – трансчегаравий сув захираларидан унумли фойдаланиш юзасидан мулоқотнинг йўлга қўйилгани, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларни демаркация ва делимитация қилиш бўйича келишувга эришилгани, туташ ҳудудларда қўшма ишлаб чиқариш корхоналарининг ташкил этилаётгани, пандемия шароитида қўшни давлатларнинг бир-бирига кўмак бераётганини кўрсатиб ўтиш мумкин.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори Улуғбек Ҳасанов келтирган маълумотларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан товар айланмаси 3 миллиард доллардан ошган (ўсиш 20%), минтақа мамлакатларининг Россия билан савдо кўрсаткичлари эса сўнгги 4 йилда 5 миллиард долларга кўпайиб, 2020 йилда 28 миллиардни ташкил этган.
Мана шу давр мобайнида Россиядан Марказий Осиёга экспорт ҳажми 17 миллиарддан 21 миллиардга етган (ўсиш 20%). Минтақада Россия капитали иштирокидаги 17 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Биргина Ўзбекистоннинг ўзида сўнгги беш йилда уларнинг сони 7 бараварга ошди (312 тадан 2 260 тага). Россиянинг Марказий Осиёга мамлакатларига йўналтирган умумий сармояси 20 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда Бу рақамлар Россия бизнеси ва капиталининг минтақа бозорига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.
Анжуманда россиялик таниқли шарқшунос Ирина Звягельскаянинг фикрлари эслаб ўтилди: “Марказий Осиё мамлакатлари ё рақобат, ё ҳамкорлик, деган дилемма қаршисида турганлари йўқ, улар шунингдек, ё Россияни ёки Хитойни танлашга ҳам мажбур эмаслар, яъни иккиси билан ҳам бирдек “олди-берди” қилиш мумкин. Шу билан бирга, минтақа ўзининг азалий ҳамкорлари билан алоқаларни кенгайтиришдан ҳам манфаатдор. Бу биринчи навбатда, Жанубий Осиёдаги янги бозорларга чиқиш имконини берадиган транспорт-логистика тизимини йўлга қўйиш заруратида акс этади. Афғонистон, агар ички вазият аста-секин барқарорлашиб борса, янги имкониятлар майдони сифатида эътироф этилиши мумкин”.
Айни пайтда Афғонистон орқали ўтадиган йўл қурилишига қизиқиш билдираётган Россия темир йўллари тизими бу жараёнда муҳим роль ўйнайди. Шунингдек, Россия темир йўллари раҳбарияти “Қирғизистон-Ўзбекистон-Хитой” лойиҳасида иштирок этишни ҳам режалаштираяпти. Бундай лойиҳалар Европа иттифоқи ва Хитой каби иқтисодий гигантлар билан ўзаро алоқаларни кенгайтириш имконини беради.
Улуғбек Ҳасановнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Россия-Ўзбекистон муносабатлари кун тартибида илм-фан, энергетика, савдо-сотиқ, саноат, инвестиция ва технологиялар, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тобора долзарблик касб этиб бормоқда.
Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапирар эканмиз, илм-фан йўналишидаги ҳамкорлик масаласига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Албатта, фундаментал тадқиқотлар учун илмий мактаблар, узоқ муддатга мўлжалланган дастурлар талаб этилади. Андрон коллайдер фаолиятини амалга ошириш бўйича бир неча давлатлар ҳамкорлигини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Амалий тадқиқотлар ҳақида гапирадиган бўлсак, россиялик ва ўзбекистонлик олимлар иштирокида бир неча йўналишларда, жумладан геология-қидирув, рангли металлар, атом энергиясидан фойдаланиш каби йўналишларда қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилаяпти. Ва улар ўз самарасини бераяпти. Таъбир жоиз бўлса, шундай деган бўлардим: амалий тадқиқотлар – бугунги воқелик, фундаментал тадқиқотлар эса – орзу. Ва бу орзуга эришамиз дейишга асосимиз бор.
“Взгляд.ру” газетаси махсус мухбири Юрий Васильевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон-Россия муносабатларида ўзига хос алоҳида ўрин тутадиган мавзулардан бири бу – меҳнат мигрантлари масаласидир.
“Валдай” мунозаралари чоғида Ўзбекистондан Россияга бориб ишлаётган ишчиларнинг малакаси ва савияси ҳақида савол кўтарилди. Ва бугунги кунда аксар ходимларнинг меҳнат малакаси юқори эмаслиги ҳам айтиб ўтилди. Албатта, етарли тажрибага эга бўлган врачлар, инженерлар ва хоказо мутахассислар келиб ишлагани яхши, лекин масаланинг иккинчи томони шундаки, кўп ҳолларда бундай мутахассислар оёққа туриб олгандан кейин ватанига қайтиб бормайди. Ўз клиникасини очади ё ўз бизнесини йўлга қўяди. Ваҳоланки, яхши мутахассислар Ўзбекистоннинг ўзи учун ҳам сув ва ҳаводек зарур”, - дейди у.
Мутахассислар мазкур “нозик ва мураккаб” мавзу юзасидан фикр билдирар экан, меҳнат миграцияси масаласи у ёки бу даражада дунёдаги барча давлатларга тааллуқли эканини ва Ўзбекистон билан Россия бу борадаги мавжуд муаммолардан кўз юмиш эмас, уларни ечиш йўлидан бораётганини қайд этдилар.
Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Назокат Қосимованинг таъкидлашича, тан олиб айтадиган бўлсак, яқин йилларда етарли малакага эга бўлмаган ишчилар кўпчиликни ташкил этиши эҳтимолга яқин. Лекин Россияга йўл олаётган мутахассислар орасида малакали ходимлар сони ортиб бораётганини ҳам кўриши мумкин.
“Тенденция бор. Бу масаланинг ечими таълим сифати билан чамбарчас боғлиқ. “Валдай” анжуманида Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари таъкидлаганидек, Ўзбекистонда Россиянинг 12 та ОТМлари филиали фаолият юритмоқда ва яна 3 та олий ўқув юртини ташкил этиш юзасидан тайёргарлик кўрилаяпти. Бу нимани билдиради? Яхши мутахассис бўлиш учун яхши таълим олиш керак. Шундагина ўзга давлатга бориб ишлаганда, муносиб иш ўрни, муносиб маош ва карьерага даъво қилиш мумкин. Демак, малакали мутахассис тайёрлаш масаласида ҳам Россия билан ҳамкормиз”, - дейди Назокат Қосимова.
Иштирокчиларнинг фикрига кўра, яхши мутахассис хорижга бориб ишласа, ватанига қайтмайди, деган хавф билан қандайдир тўсиқлар қўйиб бўлмайди. Аксинча, шундай шароитлар яратиш керакки, ўша малакали мутахассис юртига қайтса, ҳеч нарса йўқотмаслигига, янада ривожланишига ишонч ҳосил қилсин. Бу иқтисодий тараққиётни, барқарорликни, яхши қўшничилик ва ишончли ҳамкорлик алоқаларини тақозо этади ва айнан шу мавзулар “Валдай” клуби экспертларининг диққат марказида бўлди.