Москва вилояти ва Москва шаҳри миграция марказлари бирлаштирилади

Йил охирига қадар Москва вилояти Миграция маркази Москва шаҳар миграция маркази билан бирлаштирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Путилково посёлкасида жойлашган Москва вилояти Миграция маркази Москва шаҳар Миграция маркази (Сахарово)га кўчиб ўтади. Бу ҳақида Москва Иқтисодий департаменти амалдори Кирилл Пуртов “Коммерсант” нашрига хабар қилди.

“Биз Марказнинг (Сахарово - таҳр.) одам қабул қилиш қувватини ҳисоблаб чиқдик ва бундай имконият борлигига амин бўлдик. Ушбу Марказ катта миқдордаги мигрантларга хизмат кўрсатиш учун қурилган. Путилковонинг бу ерга кўчирилиши қўшимча босим бўлмайди”, - деди Пуртов.

Маълумот учун, Сахарово қишлоғида жойлашган Москва Миграция маркази Россияда энг йирик марказ бўлиб, унинг қуввати суткасига 7,5 минг кишини ташкил қилади.
Амалдор айтишига кўра, “Сахарово”да қўшимча корпуслар қуришга тўғри келмайди, лекин айрим жараёнларни қайта кўриб чиқиш ва қўшимча “ойналар” очишга тўғри келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси бошланганидан сўнг Россияда меҳнат мигрантлари оқими камайиши кузатилди. Сўнгги вақтларда "Сахарово" маркази ҳам тўлиқ қувват билан ишламаётган эди.