ТИВ: Пермдаги отишмада жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ

Вазият Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 сен – Sputnik. Россиянинг Пермь давлат миллий тадқиқот университетидаги отишма натижасида Ўзбекистон фуқаролари жабрланмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Юсуп Кабулжанов хабар қилди.
“Шуни маълум қиламанки, Пермь давлат миллий тадқиқот университетида рўй берган отишмада жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, вазият Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Пермь давлат университетидаги отишма оқибатида олти киши қурбон бўлган, яна 28 киши жароҳатланган. Ҳужум қилган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қаршилик кўрсатиш вақтида яраланган.
Воқеа жойида тиббиёт, полиция ходимлари ва терговчилари иш олиб бормоқда. Жиноий иш қўзғатилган.
Пермь ўлкасидаги таълим муассасаларида бир кунга дарслар бекор қилинди ҳамда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Пермь университетида отишма: қурбонлар бор