ТОШКЕНТ, 20 сен – Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ “Сурхон” клуби вакиллари ва жамоанинг собиқ футболчилари ўртасидаги муштлашув юзасидан тергов бошланганини маълум қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Сурхон” клуби футболчиси Жавоҳир Эсонқулов 3 киши томонидан дўппослангани ҳақида айтиб берган видеолавҳа тарқалган эди.
ИИББ хабарида таъкидланишича, 17 сентябрь куни “Сурхон” футбол клуби биносида собиқ футболчилар Ж.Э. ва А.Х. ҳамда жамоа сардори А.Г. ўртасида футболчилар бино деворига раҳбарият номига ҳақоратли ёзувлар қолдиргани туфайли келишмовчилик юзага келган. Шу куннинг ўзида Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБга спортчилардан бадан шикастлари етказилгани тўғрисида ариза келиб тушган.
“Мазкур факт бўйича тергов олди текшируви олиб борилмоқда, суд-тиббий экспертизаси тайинланди”, - дейилган хабарда.
Идора текширув якуни кўра қонуний чора кўрилишини қўшимча қилган.