Жума намозларини адо этиш тартибига қўйилган чекловлар олиб ташланади

Келаётган жума кунидан бошлаб, жума ва ва бошқа намозларни масжид бинолари ичида ҳам адо этиш мумкин бўлади - махсус комиссия.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 авг - Sputnik. Ўзбекистонда 24 сентябрдан бошлаб жума намозларини адо этиш тартибига қўйилган чекловлар олиб ташланади. Бу ҳақида Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишидан сўнг маълум бўлди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
"Республика махсус комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 сентябрдан эътиборан жума намози ва бошқа намозларни масжидларнинг фақат очиқ саҳналарида адо этилишига оид чекловни бекор қилиш тўғрисидаги таклифи кўриб чиқилди ҳамда маъқулланди", - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, махсус комиссиянинг кунлик ва жума намозларини фақат масжиднинг очиқ ҳаводаги майдонларида, тиббий ниқоб ва оралиқ масофани сақлаган ҳолда адо этиш тавсияномаси ушбу йилнинг 26 июнь куни эълон қилинган эди.
Унда, шунингдек, 65 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқаролар ҳамда сурункали касаллиги мавжуд шахсларга диний тадбирларни имкон қадар уй шароитида амалга ошириш белгиланган эди.