“Сколково”, стартап: Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги инновацион ҳамкорлик истиқболлари

Россиянинг “Сколково” инновацион маркази билан яқиндан алоқа ўрнатилиб, қатор қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги Россияда фаолият юритаётган инновацион марказлар ва жамғармалар билан қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Sputnik нашрига берган интервьюсида шу пайтга қадар биргаликда амалга оширилган ва яхши натижа берган лойиҳаларни санаб ўтди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган “CAT Science” Илмий стартаплар платформаси “Сколково” хорижий акселераторлари билан ҳамкорлик ўрнатган бўлиб, ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик 25 та стартап лойиҳа муаллифлари “Софтлендинг” дастурида иштирок этган. Дастурнинг самарали ўтгани ва эришилган натижаларни инобатга олиб, вазирлик ҳузуридаги Ёшлар академияси аъзолари ва ёш стартапчилар учун “Софтлендинг” дастурини давом эттиришга келишилган.
“Сколково” Ўзбекистон инновацион ривожланишига қандай ҳисса қўшмоқда
“Сколково” жамғармаси билан ҳамкорликда “ЯКласс” онлайн-лойиҳаси Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, Юнусобод туманидаги 9-сонли умумтаълим мактабида ишга туширилди. 322 нафар ўқувчига 2 ой мобайнида таълим дастурини ўзлаштиришга ёрдам берувчи “ЯКласс” дастуридан бепул фойдаланиш имконияти яратиб берилди.
Шу билан бирга, “Кодвардс” пилот лойиҳаси бўйича ҳам келишувларга эришилиб, мактабларга информатика фанидан дастурлаш соҳасини чуқурлаштириб ўргатиш учун codewards.ru сайти маълумотлари базасига 2 ой муддатга бепул кириш имконияти тақдим этилди.
“Шунингдек, жамғарма билан ҳамкорликда ўтказилиши режалаштирилган ва пандемия туфайли кечиктирилаётган “Стартап тур” ташкил этиш режамиз бор. “Сколково” жамғармаси раиси Аркадий Дворкович жорий йил апрель ойида Тошкентга ташрифи доирасида вазирлик фаолияти билан танишди, амалга оширилаётган инновацион соҳадаги ишларга юқори баҳо берди”, - деди Иброҳим Абдураҳмонов.
Бундан ташқари, РФ Инновацияларга кўмаклашиш жамғармаси ҳамкорлигида стартап-лойиҳалар бўйича қўшма танлов ўтказиш юзасидан ташкилий тадбирлар амалга оширилди. Биргаликда 3 та қўшма лойиҳа молиялаштирилди. Мана шу учта ғолиб стартап компанияларга Ўзбекистон томонидан 1 млрд сўм ва Россия томонидан 12 млн рубль маблағли грантлар ажратилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, ўтган йили Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Россиянинг “Евросиё инжиниринг компанияси” ҳамкорлигида Ўзбекистонда илк бор “World Youth Innovation Forum — 2020” халқаро ёшлар инновацион форуми ўтказилган. Унда 5100 нафарга яқин ёшлар онлайн тарзда қатнашишди. Форум доирасида мукофот жамғармаси 300 млн сўмга тенг “Энг яхши лойиҳалар” танлови ташкил этилиб, 10 нафар ғолиблар тақдирланди.
Сколково олимлари Ўзбекистонга сувни тозалашга ёрдам беради
Россия Фанлар Академияси институтларида Инновацион ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ҳозирги кунда малака ошириш истагини билдирган 120 нафарга яқин ёш олим ва тадқиқотчилардан саралаб олиш жараёни давом этмоқда. Эпидемиологик вазиятнинг яхшиланиши билан, саралаб олинган номзодлар малака ошириш учун Россияга юборилади.