ППХ ходимларига тан жароҳати етказган фуқароларга жиноят иши очилди

Қашқадарё вилоят ИИБ ППХ ходимлари ва фуқаролар ўртасида юз берган жанжал юзасидан маълумот берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Қашқадарё вилоят ИИБ Қарши шаҳрининг марказий кўчасида ППХ ходимлари ва фуқаролар ўртасида содир бўлган жанжал юзасидан маълумот берди.
16 сентябрь куни Косон тумани Бойтерак қишлоғида яшовчи фуқаролар Н.А. ва Н.А. Қарши шаҳар Нефтчилар маҳалласида яшовчи таниши Ҳ.Ф. билан спиртли ичимлик истеъмол қилишиб, маст ҳолатда шу куни соат 22-30 ларда Қарши шаҳрида жойлашган “Яшил бозор” супермаркети ёнида бир-бирларини уятли сўзлар билан ҳақорат қилган.
Ён атрофдаги фуқароларни тинчлигини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ўзаро жанжал қилган.
Шу вақтда Қарши шаҳар “Пахтазор” маҳалласи ҳудуди бўйлаб хизматга бириктирилган ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХБ ходимлари Б.Расулов, Ф.Рўзиқулов ва Д.Нурматовлар уларнинг ёнига келиб, ўрталарида келиб чиққан жанжални тўхтатиб, жамоат тартибини сақлаш ва уларнинг шахсига ойдинлик киритиш мақсадида Қарши шаҳар ИИО ФМБ биносига боришни таклиф қилган.
Қаршида 3 нафар фуқаро ППХ ходимлари билан жанжаллашди - видео
Шунда улар ходимларни турли уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, қонуний талабларига бўйсунмасдан бўйин қисмидан бўғиб, ерга йиқитиб, уларга турли даражада тан жароҳати етказиб, ўзини хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми ва 277-моддаси 3-қисми "г" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Н.А, Н.А.лар гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинди ҳамда ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланди.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.