Пиёда энг кўп юрганларга пул тўлаш тўхтатилди - сабаб

1hls.uz мобил иловаси пўл тўлаш вақтинча тўхтатилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Туризм ва спорт вазирлиги 14 сентябрдан бошлаб 1hls.uz мобил илова бўйича фойдаланувчиларга тўловлар вақтинча тўхтатилганлигини маълум қилди.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш бўйича “Соғлом турмуш тарзи” платформаси, яъни www.1hls.uz veb-саҳифаси ҳамда мобил иловаси ишга туширилганди.
Июнь ойида энг кўп юрганларга қарийб 69 млн сўм тўлаб берилди
10 июндан 13 сентябрга қадар бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ёш ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқароларининг платформадаги электрон ҳамёнига жами 9,4 млрд. сўм маблағлар тўлаб берилди.
Шунингдек, ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга қўшимча равишда 1 млн. сўм тўланиб, жорий йил июн-август ойлари давомида жами 206,7 млн. сўм маблағ фойдаланувчилар электрон ҳамёнига ўтказиб берилди.
Ўзбекистонда 10 минг қадам юрган фуқароларга пул тўлаш бошланади
Туризм ва спорт вазирлигининг Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган шахсий ғазна ҳисобварағига тушадиган тегишли даромадлар манбаларининг бир меъёрда доимий тушиш имконияти чекланганлигини инобатга олиб, мазкур шахсий ғазна ҳисобварағида 500,0 млн. сўмдан кам маблағ қолса, мобил илова бўйича фойдаланувчиларга тўловлар, ушбу шахсий ғазна ҳисобварағида 5,0 млрд. сўмгача маблағ йиғилгунга қадар автоматик тарзда тўхтатилиши белгилаб қўйилган.
Бунда, шахсий ғазна ҳисобварағидаги маблағлар 5,0 млрд. сўмга етгунга қадар мобил иловада ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқароларга тўланадиган тўловлар тўланмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Вазирлик 14 сентябрдан бошлаб мобил илова бўйича фойдаланувчиларга тўловлар вақтинча тўхтатилганлигини маълум қилди.