ТОШКЕНТ, 17 сен - Sputnik. Ўтган йилги саммит пандемия туфайли тўлиқ видеоконференция шаклида ўтган эди. Бу йилги саммит эса офлайн шаклда бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этиш учун кўплаб давлат раҳбарлари ҳамда нуфузли ташкилот вакиллари Душанбедага ташриф буюришган.
Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Мўғулистон раҳбарлари ҳамда БМТ бош котиби саммитда онлайн иштирок этишларини эълон қилишган.
Бугун Душанбе кўрки янада очилган: саммит олдидан минглаб гуллар экилиб, меҳмонларни қутловчи баннерлар жойлаштирилган. Пойтахтда мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари кўрилган. “Кохи Наврўз” қароргоҳи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити ўтказиладиган анъанавий жойга айланди. Бу йил тадбир саройнинг энг гўзал залларидан бири “Зарандуд”да бўлиб ўтади. Учрашув Раҳмон томонидан саммитда иштирок этаётган давлат раҳбарлари шарафига расмий зиёфат билан якунланади.
Пандемия – ШҲТ кун тартибидаги саммитининг асосий мавзуларидан бирига айланади. ШҲТ раҳбарлари коронавирус оқибатларини бартараф этиш бўйича биргаликдаги қандай чоралар кўриш мумкинлиги муҳокама қилишади.
Афғонистон. АҚШ операцияси тугагандан сўнг, Толибон* радикал ҳаракати ҳокимиятни қўлга киритди ва Афғонистондаги вазият кескин ёмонлашди. Гап нафақат уруш ва юзлаб қурбонлар ҳақида, балким мамлакатнинг иқтисодий ва гуманитар фалокат ёқасига келиб қолгани ҳақида кетмоқда.
ШҲТда кузатувчи давлатлардан бири бўлган Афғонистон бир вақтнинг ўзида иттифоқнинг бир қанча давлатлари билан чегарадош. Бугунги вазиятда ШҲТнинг Афғонистонда вазиятни нормаллаштиришдаги ўрни сезиларли даражада ошган.
Бундан ташқари, Афғонистонда вазият ўзгариши гиёҳванд моддалар, ноқонуний миграция, диний экстремизм каби хавфли иллатлар ШҲТ ҳудудига ҳам тарқалиши хавфи мавжуд.
Душанбе саммити Шанхай ҳамкорлиги ташкилотининг 20-йиллигида ўтказилмоқда. Ушбу муносабат билан, бугунги саммитда ташкилотнинг 20 йиллик фаолияти натижалари, ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳам муҳокама қилинади.
Кун тартибида янги кузатувчи давлатларни қабул қилиши, Эронни ШҲТга тўлиқ аъзоликка киритиш жараёнини бошлаш кутилмоқда. Шундай қилиб, ташкилотга аъзо давлатлар сони тўққизтага етиши мумкин. Миср, Қатар ва Саудия Арабистонига “мулоқот шериги” мақоми берилиши мумкин.
Саммит якунида - "Душанбе декларацияси" қабул қилиниши режалаштирилган. Унда ШҲТнинг йигирма йиллик фаолияти натижалари сарҳисоб қилинади. Ҳужжат аъзо давлатларнинг минтақавий ва глобал масалалар бўйича баҳолари ва позициясини акс эттиради, шунингдек, ташкилотнинг яқин келажакдаги фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди.
Бундан ташқари, учта "ёвуз куч" (терроризм, сепаратизм ва экстремизм) га қарши курашиш, халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш, гиёҳвандликка қарши стратегияни амалга ошириш, ШҲТ маконида савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш бўйича қатор ҳужжатларини тасдиқлаш режалаштирилган.
Пандемиянинг салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этиш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси, ШҲТ иқтисодий форуми концепцияси ва ташкилотнинг "Яшил камар" дастури тасдиқланиши кутилмоқда. Озиқ -овқат хавфсизлиги тўғрисида баёнот қабул қилиш ҳам режалаштирилган.
Шунингдек, ХХР номзодини ташкилотнинг бош котиби лавозимига ва Ўзбекистон номзодини ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (РАТС) ижроия қўмитаси директори лавозимига тасдиқлаши кутилмоқда.
Учрашувнинг якуний қисмида ШҲТ мадҳияси илк бор жаранглайди. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Душанбедаги саммити Тожикистон томонининг раислигини якунлайди, сўнгра раислик Ўзбекистонга ўтади.
Эслатиб ўтамиз, ШҲТ декларацияси 2001 йилда Шанхайда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан ташкил қилинган эди. 2017 йилда ташкилотга Ҳиндистон ва Покистон тўлиқ аъзо бўлишди. Афғонистон, Белоруссия, Эрон ва Мўғулистон ШҲТда кузатувчи мақомига эга. Шунингдек 6та давлат “мулоқот шериги” мақомида (Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка). Туркманистон президенти Гурбангулы Бердымухамедов ШҲТ саммитининг ҳуматли меҳмони бўлади.