ТОШКЕНТ, 16 сен – Sputnik. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи 10 нафар “Ҳизб ут-Таҳрир”* диний экстремистик ташкилоти аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
15 сентябрь куни ўтказилган тезкор тадбирларда ушланган бу шахсларнинг барчаси муқаддам мазкур ташкилот сафида содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаб чиққани аниқланган.
Хабарда келтирилишича, улар интернет орқали хорижда яшириниб келаётган “Ҳизб ут-Таҳрир”* аъзолари билан алоқа қилиб, уларнинг кўрсатмалари асосида аҳоли орасида ташкилот ғояларини тарғиб қилиш ва тарафдорлари сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келган.
Мазкур шахсларнинг яшаш манзиллари ва уяли алоқа воситаларида ташкилотга тегишли бўлган адабиётлар ва материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олиб қўйилган.
Ҳозирда уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарликка тортиш мақсадида, тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
* Тақиқланган экстремистик ташкилоти