Қўқонлик блогер Иқбол Комилжонов ўлими юзасидан терговга қадар текширув бошланди - БП

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, танқидий материаллари билан танилган қўқонлик блогер заҳарланган ва шифохонада комада ҳолатида ётган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 сен - Sputnik. Қўқонлик блогер, Facebookдаги "Қўқонжоним" гуруҳининг асосий маъмурларидан бири Иқбол Комилжонов 15 сентябрь куни вафот этди.
Бу ҳақда Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ҳусан Мамажонов маълум қилди.
"8 кундан бери касаллик билан курашишимизга қарамасдан, „Қўқонжоним“ гуруҳи муаллифларидан бири Иқболжон Комилжонов вафот этди. Ҳозирги кундаги барча диагностик даволаш ишларини амалга оширганимизга қарамасдан, афсуски, касаллик ўз кучини кўрсатиб, ватандошимиз вафот этди", — деди у.
Машинага скотч билан ёпиштирилган ҳолда катта тезликда шаҳар айланган блогер ҳибсга олинди
Таъкидланишича, Иқбол Комилжонов 7 сентябрь куни оғир аҳволда шифохонага келиши билан жонлантириш бўлимига олинган. Унга икки томонлама пневмония, қандли диабетнинг 2-тури, юрак ишемик касаллигининг иккинчи тури ҳамда нафас ва қон айланиш тизимининг бузилиши ташхиси қўйилган. У шифохонада 8 кун давомида даволанган.
АОКАнинг вилоят бошқармаси раҳбари Шоҳидбек Аслоновнинг 11 сентябрь куни ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилишича, Иқбол Комилжоновнинг фидойилиги ва самарали меҳнати инобатга олиниб, блогер "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги" эсдалик нишони билан тақдирланган. Шунингдек, у "Энг улуғ, энг азиз" анъанавий танловининг вилоят босқичида "Энг фаол ижтимоий тармоқ гуруҳи администратори" деб топилган.
Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов маълум қилишича, блогер Иқбол Комилжоновнинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.