ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда “Наманганда янги мафия пайдо бўлдими? Судья, прокурор, ИИБ, ҳаммасини " “решат” қиларкан” изоҳи билан видео тарқалди. Наманган вилояти ИИБ бунга расмий муносабат билдирди.
Хабарда келтирилишича, Учқўрғон туманида яшовчи А.Ж. 2020 йил 26 июнь куни Учқўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси олдида турмуш ўртоғи Д.Ж.ни таниши С.Т. билан бирга турганлигини кўриб қолган. Кейин рашк сабаб танишини уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, тан жароҳати етказган.
Тиббиёт экспертизаси С.Т.да чап кўкрак қафаси, чап оёқ кафт устида шилинма борлигини аниқлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Уйчи тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган ва 2021 йил 27 март куни А.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (безорилик) билан жиноят иши очилган.
Бундан ташқари, 2021 йил 3 майда эркакнинг турмуш ўртоғи Д.Ж.га нисбатан судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Мутахассисларнинг хулосасида Д.Ж.да бурун суяги ўрта 1/3 қисмининг ёпиқ эски синиғи аниқланган. Ушбу жароҳати бўйича ўз вақтида тиббий ёрдамга учрамаганлиги сабабли муддатини аниқлашнинг имкони бўлмаган.
28 июнь куни А.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми "г" банди (безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) билан айб эълон қилинган. Унга нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳозирда ушбу иш жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон тумани суди томонидан кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, фуқаро А.Ж. томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳақида айтган гаплари асоссиз эканлиги ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳеч қандай босим бўлмагани маълум қилинган.