ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевга Тошкент давлат аграр университетининг ректори вазифасини вақтинча бажарувчи лавозими юклатилди, деб хабар қилмоқда вазирлик матбуот хизмати.
Бу борада Ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинган. Хўжаев Ботир Сулаймонов ўрнига ушбу лавозимни эгаллади.
Маълумот учун, Жамшид Хўжаев 1979 йилда таваллуд топган. 2000 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти ташаббуси билан иқтидорли талабалар учун ташкил этилган "Умид" жамғармаси стипендианти.
У 2003 йилда Буюк Британиядаги Бирмингем университети халқаро иқтисодий алоқалар ва давлат бошқаруви йўналиши магистранти. Ўз меҳнат фаолияти давомида Марказий банк, Миллий банк, Ҳисоб палатасида ишлаган. 2017 йил охирида ташқи савдо вазири этиб тайинланган. 2019 йилнинг январидан Қишлоқ хўжалиги вазирлигини бошқариб келмоқда.